Главная » Статьи » Hikoyalar |
БЕВАФО
БЕВАФО БУГУН Ярим тунда жаранг сочган ногаҳоний қўнғироқ қизни уйқунинг фараҳбаҳш дунёсидан суғуриб олди. Бир бирини маҳкам қучиб қолган киприклар айрилиқни истамагандек, кўзлар очилиб улгурмаёқ тугмача босилди: - Алло… - Сени соғиндим! Мудроқ шуурга совуқ сув сепиб юборилгандек, ёстиққа сингиб кетган шалола сочлар сапчиб бош кўтарган вужудга чирмашиб, тўлғониб кетди… Бу ўша, ўша! Наҳот? Нега аҳир?! Қиз шоша-пиша телефонни ўчириб, хона бурчига улоқтирди. "Мумкин эмас! Мумкин эмас…” КЕЧА Осмон тўла қора булут эди. Кўнгил тўла қора изтироб… Эндигина томчилай бошлаган фалак кўз ёшлари бошланажак айрилиқ кўз ёшларига қоришиб кетганди. Эр-у кўк мотам либосини эгнига илган, кўзга кўринган неки бор – бари қоп-қора эди. - Мени кечир…- шивирлади ошиқ лаблар. – Қўлимдан келмади. - Қайси гуноҳим учун?- титради заиф дудоқлар. - Сенинг гуноҳинг йўқ. Муҳаббатнинг умри қисқа экан, начора? Кеч бўлди, уйингга қайтақол. Мен ҳам борай энди. - Тўй қачон?! - … - Қўрқманг бормайман. Сиз бахтли бўлсангиз, шу менинг бахтим. Сиз омон бўлсангиз бас, менинг кўнглим ҳотиржамлиги шунда тўкис бўлади… - Кечир Гули, кечир мени… - Керакмас… - Тўй индинга. Майли, яхши қол. Узоқлаб бораётган қадамларнинг ҳар зарб товуши олислашиб, заифлашгани сайин юраклар дукури ҳам тўхтаб қолаётгандек эди… Фалакнинг кўз ёшлари кучайди. Қоп-қоронғу оламнинг қоп-қоронғу кўчаси мотам либосини кийгандек эди. Ер-у кўк қоп-қора эди. Кўнгил тўла қора изтироб… … Унутишни қанча истаганинг сари унутишинг қийинлашиб бораверар экан. Қиз сўзида турди. Изламади, бормади. Қўнғироқ ҳам қилмади. Тўғри-да, бундан нима фойда? Энди у ўзга бир кўнгилнинг соҳиби, бегона энди у… Кўзёшларга ювилган оппоқ тонглар ҳаққи, унга бахт тилади. Азоб, азоб, азоб… Ўтаётган ҳар лаҳза, ҳар кун, азобларни раво кўрган бедилни вафосизликда айбларди. Ҳа, вафо қила олмади у! Берган сўзида тура олмади. Курашмади! Ташлади, кетди… Вафосиз, вафосиз! БУГУН Нега қўнғироқ қилди? Яна ярим тунда… аҳир бу вақтда у бошқа бировнинг ёнида бўлиши керак эмасми? Нега бита бошлаган ярани қайта тирнади? Нега шу вақтгача ақалли бир марта йўқламади-ю, орадан шунча фурсат ўтгач… Қиз ҳозиргина, ўз қулоқлари билан эшитган овоз та’сиридан чиқа олмаси, бутун вужуди дир-дир титрарди. "У энди оилали. Мумкин эмас! Бу нотўғри!...” Қоп-қоронғу оламнинг қоп-қоронғу кўчасидаги қоп-қоронғу хона тўрида, айрилиқ озоридан азоб чеккан қизгина кўнглида қайта бош кўтарган қора изтироблар исканжасига асир тушган бир паллада, деворга урилиб ўчиб қолган телефонга яқиндагина "вафосиз” томонидан юборилган ҳабар "кира олмай” қийналарди: "Гули, Гулижон… Мени кечир, сенга… ёлғон гапиргандим. Сендан беркитган дардим бор эди. Операциядан қайтиб чиқа олмасам керак деб ўйлаб, сенинг изтироб чекишингни истамай айрилиққа ҳукм бергандим Гули. Уйланяпман деб ёлғон айтгандим! Шукрки, мен омон қолдим. Эҳтимол сен учун асраб қолгандир жонимни Худо….Мени кечир, илтимос! Кечирақолгин… Сени соғиндим…” Шивирлаб айтасиз: "Кечир яхши қол… Бир бўлмас тақдирлар қисмати – айро” Бедил кўксингизни этдими ҳушҳол, менинг юрагимнинг бўлгани вайрон?! Қайрилиб, кетасиз… Ҳаммаси тамом. Сочилар – синган ул илинжлар увол… Йўқ бўлиб кетардим, билганим ҳамон- Дунёда борлигим келганин малол... Урилиб кетади тошларга бошим, Тиканлар санчилар ортимга қайтсам. Тоқат қилолмаса сўқир бардошим, Майлими, сўнгги бор исмингиз айтсам?.. Ҳайрлар- Гулбаргга ўралглан видо. Айрилиқ- севгига тутилган оғу… Кўнглида кўзларим кўргандим, Худо! Кўксимда кўнглини кўрмади, ёҳу!.. Узилиб боради- Ришталар беҳол. Узоқлаб кетади қадамлар айро. Айтинг, кўнглингизни қилдими ҳушҳол, Менинг юрагимнинг бўлгани вайрон?! Шивирлаб айтасиз: Кечир. Яхши қол… Lobar AZIZ | |
Просмотров: 1818 | |
Всего комментариев: 0 | |