Дунёдаги энг яхши кўрган инсоним билан роса йиғлашдик (хайрон бўлаётгандирсиз-а?). Ха, мен жонимдан ортиқ севган инсоним мени мендан-да кучлироқ севади, буни унинг хар нафасидан сезиб тураман. Унинг сўзлари мени янгидан хаётга келтиради. Битта телефондаги қўнғироғимни қанчалик интиқлик ила кутишини, мени ўйлаб йиғлашини, мени деб хатто тунларидан бедор қолишини тасаввур хам қила олмайсиз. Мен унга совға қилган арзимас нарсани хам хаммага достон қилади, уни мен берганим билан фахрланади, менинг хар бир муваффақиятларимдан боши кўкка етади. Ундаги мухаббатни сўз билан тарифлашнинг иложи бормикан? Мехр-мухаббатнинг бундан ортиқ кўриниши бормикан? Мен эса уни у ардоқлагандек ардоқлай оламанми? Нега менсиз яшай олмаслигини, хафтада атиги бир мартагина қиладиган қўнғироғимни интизор кутишини нега хис қилмайман? Ёки мени ўйлаб егани ичига тушмаётганлиги, мудом йиғлашини нега тушунмайман? Нега бир оғиз ширин сўзимни ундан қизғонаман? Ахир унинг шаънига тонналаб олқиш ёғдирса арзийди-ку! Ёки шундайин ишбилармон бўлиб кетдимми? Бахонани қаранг: "Ишлар кўпайиб кетиб телефон қила олмадим”. У ёқдан жавоб келади: "Ўтган хафтадан бери телефонга зор термуламан. Хар бир қўнғироққа илинж ила қулоқ тутаман, чоршанба кутдим, шанба кутдим… телефон хам кўзимга дунёдаги энг ёмон махлуқдек кўриниб кетди”. Ва нихоят душанба куни телефон қиламан: гўшакдан унинг дунёда тенгсиз овози эшитилади. У йиғлар эди… Мен хам йиғладим . . . ! ! ! Мен сизни хаммадан яхши кўраман - ОНАЖОН . . . ! ! !
|