Ўз олдига катта мақсадларни қўяётган "Локомотив” янги мавсумни янги
стадионда бошлашга яқин турибди. Аввал хабар қилганимиздек,
темирйўлчилар 2012 йил меҳмонларни пойтахт вилоятидаги "Дўстлик”
ўйингоҳида қабул қилмас экан. Сабаби, 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги
жаҳон чемпионати энди юртимизда ўтказилмайди. Айнан мундиал туфайли
"Локомотив” ўз уйига эга бўла олмаётган эди. Қуйидаги интервьюда бунинг
сабабларини билиб оласизлар. Асосийси, Тошкентнинг ТТЗ даҳасидаги янги
стадион қуриб битказилди.
Маълумот ўрнида
«Локомотив» спорт комплекси
Бош лойиҳа: «Темирйўл» лойиҳа институти
Пудратчи: Тошкент шаҳар лойиҳа
Лойиҳа муаллифи: С.Теплова, Е.Губеров
Бош архитектор: Маргеш Бурлаков.
Умумий майдони: 5,52 гектар
Стадион: 3,18 гектар
Машғулот ўтказиш базаси майдони: 1,14 гектар
Автотўхташ жойи: 0,4 гектар.
Мухлислар учун 280 та автомашинага жой
Жамоа аъзолари ва мутасаддилари учун 20 та машина ва 3 та автобусга жой
Яна 22 та автомашина учун махсус жой
Ўйингоҳ атрофи: 0,8 гектар
Қурилиш ишлари бошланган йил: 2009, сентябрь
Фойдаланишга топшириладиган вақт: 2012 йил, март
Лойиҳа учун 30 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган
Майдон ўлчами: 105х68
Ёритиш кучи: 2000 люкс
8000 томошабинга мўлжалланган
ФИФА талабларига жавоб беради
Ишонинг, стадионни кўрсангиз кўзингиз қувнайди!
Бу стадионнинг қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида ўтган йилнинг
апрель ойида ТТЗга ташриф буюрган эдим. Орадан тўққиз ой ўтиб, яна
"Локомотив” ўйингоҳининг қурилиш ишлари билан танишдим. Очиғи,
ўйингоҳнинг ташқи тарафидаги ўзгаришларни кўриб, лол бўлиб қолдим. Ўтган
муддат оралиғида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ
бўлдим. Стадион директори Абдужаббор Зуфаров билан учрашганимда у киши
каминага бир вакилни бириктириб, ўйингоҳ билан танишиб чиқишимни
маслаҳат берди. Хуллас, айланиб чиқдим. Футболчиларнинг қўшимча ечиниш
хоналари билан бир қаторда, телевидения ҳамда радиодаги ҳамкасбларимиз
учун ажратилган кўплаб хоналарнинг ҳолати билан танишдим. Кичик
ресторан-у, анжуманлар хонаси ҳам кўнгилдагидек ҳолатга келтирилган.
Стадионнинг барча қисмларида сўнгги таъмирлаш, аниқроғи, хона ва
фойеларни безаш ишлари давом этмоқда. Қисқа қилиб айтганда, юз марта
эшитгандан кўра, бир марта кўрган яхши.
Абдужаббор Зуфаров: "Локомотив” меҳмонларни шу стадионда қабул қилади”
- Абдужаббор ака, стадионнинг қурилиш ишлари қачон тўлиқ якунланади?
- Ҳозирча бир нарса дея олмайман. Чунки аниқ санани айтсам-у, ўша
муддатда қурилиш ишлари тугамаса, буни кўпчилик нотўғри тушуниши мумкин.
Кўриб турганингиздек, майда ишлар қолган. Безаш ишларини якунлаб олсак
бўлди. Стадион фойдаланишга тўлиқ тайёр бўлади.
- Стадионни қуриб битказилиши учун қанча маблағ сарфланди?
- Ёдингизда бўлса, баҳорда келганингизда дастлабки режага мувофиқ
қурилиш учун 48 миллиард ажратилганини айтгандим, кейин айрим сабабларга
кўра, бу сумма 30 миллиардга туширилди. Аммо бозор иқтисодиёти деган
гаплар бор. Нарх кўтарилгани сари қурилиш ашёлари ҳам қимматлашиб
боради. Табиийки, бу бизга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Натижада
стадионимизнинг қурилиши ажратилган суммадан ошиб кетди.
- Ўйингоҳ ҳозирда расман қайси ташкилотга тегишли?
- "Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясига.
- "Локомотив” қачондан бошлаб янги стадионда рақибларини қабул қилиши мумкин?
- Жамоа янги мавсумдан бошлаб уй учрашувларини шу стадионда ўтказади.
Олдиндан айтиб ўтишим керак, 2-турдан ўрин олган "Насаф”га қарши
беллашув бошқа ўйингоҳда бўлиб ўтса керак. Боиси, мавсум бошланиши
арафасида майдонга ётқизилган чимнинг ҳолати талабга жавоб бермаган
бўлади. Аниқроғи, чимлар тўлиқ томир отиб улгурмайди. Бизга чимнинг
томири чуқурроқ илдиз олиши учун олти ой керак бўлади дейишган эди. Ўша
пайтга келиб бу муддатнинг сўнгги кунлари ўтиб бораётганлиги учрашувни
бошқа стадионга кўчирилишига олиб келиши мумкин.
- Маълумотларга қараганда "Локомотив” 2012 йилни пойтахт
вилоятидаги "Дўстлик” стадионида ўтказиши лозим эди. Бу гап-сўзларда
асос йўқми?
- Тўғри, "Дўстлик” ўйингоҳи ҳам "Локомотив”га қарашли, лекин бу жамоа
меҳмонларни ўша стадионда қабул қилади дегани эмас. Собиқ "Политотдел”
стадионида фақат машғулот ўтказилади. Чунки янги стадионнинг чимида бир
йилда 30 тадан ортиқ учрашув ўтказмаслик зарур экан. Акс ҳолда
майдоннинг ҳолати жуда ёмон аҳволга келиб қолармиш. "Дўстлик” захирадаги
стадионимиз бўлиб туради. Мутахассисларнинг айтишича, машҳур "Арсенал”
жамоасининг майдонида ҳам шунга ўхшаш чим футболчиларга хизмат қилаётган
экан.
- Чим пойтахт вилоятида ўстирилганидан хабаримиз бор. Бу иш хорижлик мутахассислар ёрдамида амалга оширилдими?
- Албатта, чимни жанубий кореялик мутахассислар тайёрлаб беришди.
Айтганча, стадионимизнинг орқа томонида 500 квадрат метрга ҳам чим
ётқизилди. Майдоннинг айрим қисмлари ёмон ҳолатга келиб қолса,
алмаштириб турамиз.
- Мухлисларни стадионга киришлари учун битта дарвоза
ажратилибди. Ўз бағрига 8000 мухлисни сиғдирадиган ўйингоҳ учун бу кам
эмасми?
- Йўқ. Сабаби, ўша битта дарвозанинг ўзи каттагина эканлигини
кўрдингиз. Ҳаммаси режа асосида қурилган. Стадионга кириш дарвозаси
битта, аммо ҳамма ўз секторига жойлашиши учун ўйингоҳнинг тўрт биқинида
тўртта кичик дарвозалар бор. Ўйлашимча, бу борада ҳеч қандай муаммолар
бўлмайди.
- Табло ва ёритгичлар янгилангани кўриниб турибди. Энди
мухлислар учрашувларни бемалол ишдан келиб, қоронғу тушганда кўриш
имкониятига эга бўлса керак?
- Ҳа. Биз "Philips” фирмасининг чироқлари ва таблосини олиб келдик.
2000 люксли прожекторларимиз тўртта устунга жойлаштирилган. Ҳар бир
устунда 48 тадан лампочка бор. Ҳамма ишлар талаб даражасида бажарилди.
Бу ёғидан мухлислар ҳавотир олмаса ҳам бўлаверади.
- Одатда, ўйингоҳларимизда ОАВ ходимлари шароит
яратилмаганлигига гувоҳ бўламиз. Янги "Локомотив” стадиони қурилишига
бунга алоҳида эътибор берилган бўлса керак?
- Албатта, ВИП сектордан журналистларга 30 та юмшоқ ўриндиқли жой
ажратилди. Радио ва телевидения ходимлари учун ҳам алоҳида махсус
хоналар бор. Бундан ташқари, микст зоналарни ҳам ташкил қилганмиз.
Ҳамкасбларингиз стадионга кириш давомида ҳеч қандай муаммоларга дуч
келмайди. Сабаби, энди мухлис ва журналистлар битта дарвозадан ўйингоҳга
киришмайди.
- ФИФА текширувчилари юртимизга келганида стадиондан қандай камчиликларни топган эди?
- Улар мухлисларнинг машинаси учун тўхташ жойи ажратилганми-йўқми деб
сўрашганди. Бу бизнинг режамизда бор эди. Лойиҳани кўрсатгандик, шу
кунларда ишни бошлаб юбордик.
"FutGOL" газетаси
Манба: Fk.uz
|