 Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган "Альянц Арена” стадионида "Бавария” ҳамда Лондоннинг "Челси” жамоалари ўртасидаги Европа Чемпионлар лигаси финали ўз ниҳоясига етди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча таймларида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса "Челси” жамоаси ғалаба қозонди. "Бавария” жамоаси майдон эгаси сифатида учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ олдинга ташланди. Аммо "Челси”нинг қарши ҳужумда ниҳоятда хавфли ўйин намойиш этишини инобатга олган ҳолда, мюнхенликлар ҳимояни ҳам унутмасликка ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимда руҳий босим "Челси” жамоасига қараганда, "Бавария” футболчиларида кўпроқ кўзга ташланди. Улар ташаббусни қўлга олиш билан биргаликда ана шу босимни ҳам енгиб ўтишга ҳаракат қилдилар. 21-дақиқиқада "Бавария” вакиллари жиддий хавфли вазиятни юзага келтира олдилар. Арьен Роббеннинг йўллаган кучли зарбасини Петр Чех тўсиб қолишга эришди. Аммо тўп дарвоза устунига тегиб, майдонга қайтди. Бу вазиятда лондонлик ҳимоячилар хавфни бартараф эта олишди. 35-дақиқа эндиликда Германия терма жамоаси аъзоси Томас Мюллер жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади. "Челси” эса биринчи бўлимни ўзи учун қулай вазият пойлаб ўтказди. Рақибнинг биргина хатосини Ди Маттео шогирдлари жазолашга тайёр эдилар. Аммо Филипп Лам бошчилигидаги "Бавария” ҳимоячилари инглизларга бундай вазиятни тақдим этишмади. Иккинчи бўлим ҳам биринчиси каби бошланди. Фақат "Бавария” футболчилари эндиликда ҳаяжонни босиб олган ҳолда ҳаракат қила бошлашди. 53-дақиқада Арьен Роббеннинг зарбасидан сўнг Чехдан қайтган тўпни Франк Рибери дарвозага йўллади. Аммо бу гол ҳисобга олинмади. Роббен зарба берган вақтда Франция терма жамоаси аъзоси ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди. Шундан сўнг "Бавария” "Челси” дарвозаси сари ҳақиқий штурм уюштирди. Ҳаттоки, мюнхенлик футболчилар майдонда битта ўйинчи кўп бўлиб ҳаракат қилаётгандек тасаввур уйғотишди. Аммо бу ҳужумларнинг барчаси "аристократлар”нинг ҳимоячилари томонидан қийинчилик билан бўлса-да, қайтариб турилди. Фақатгина 70-дақиқага келиб "Челси”да кетма-кет иккита қарши ҳужум уюштириш имкони пайдо бўлди. Бироқ бу вазиятларда Мануэль Нойер ўз маҳоратини намойиш этиб, ҳужумларни бартараф этди. "Бавария” бир оз тин олиб, яна ҳужумларга зўр бера бошлади. Аммо бу ҳужумлардан наф кўринмас эди. Ўйин қўшимча дақиқаларга қараб кетаётгандек тасаввур уйғотаётган бир вақтда Томас Мюллер катта саҳнага чиқди. Унинг боши билан берган зарбаси ерга тегиб,сапчиган ҳолда, Петр Чехнинг устидан ўтиб, дарвозадан жой олди. Ажойиб гол! Голдан сўнг ҳар иккала жамоа мураббийлари дарҳол ўзгаришларни амалга оширишга киришиб кетишди. "Бавария” "эсон-омон” ўйинни якунлаб олиш илинжида, "Челси” эса ўйинда бурилиш ясаш мақсадида. 88-дақиқага келиб "Челси” ўйиндаги ўзининг биринчи (!) бурчак тўпини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Бунгача эса "Бавария” футболчилари 17 (!) марта бурчакдан тўпни ўйинга киритишга улгуришган эди. Бурчакдан ошириб берилган тўпни Дрогба боши билан дарвозанинг яқин бурчагига йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Мана сизга томоша! Қўшимча дақиқаларга марҳамат! 93-дақиқада Дрогба пенальти "ишлади”. Риберига нисабатан жарима майдончаси ичида умуман кекраксиз вазиятда қўполлик ишлатди. 11 метрлик нуқтага Арьен Роббен яқинлашди. Зарба!!! Тўп Чехнинг қўллари остида! Роббен ўз фаолияти давомида иккинчи марта муҳим вазиятда пенльтидан гол кирита олмади. Ёдингизда бўлса, у "Боруссия”га қарши кечган чемпионлик баҳсида ҳам пенальтини "кўкка совурганди”. Қўшимча таймнинг биринчиси "тинчгина” ўз ниҳоясига етди. Иккинчи экстра таймда захирадан майдонга тушган Ивица Оличда ажойиб имконият пайдо бўлди. Аммо унинг зарбаси шундоққина дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Бир оздан сўнг Марио Гомес бўш қолган дарвозага тўпни аниқ йўллай олмади. Бу вазиятда унга Давид Луиз муносиб қаршилик кўрсатди. Шу тариқа қўшимча таймлар ўз ниҳоясига етди. Пенальтилар сериясига хуш келибсиз! Аввал биринчи зарбада Мата хатога йўл қўйди. Кейинтўртинчи зарбада Олич хатога хато билан жавоб қайтарди. Кейин эса "Бавария”нинг тимсолига айланиб қолган Швайнштайгер "хол” қўйди... Сўнгги зарбани эса Дрогба берди! Бугунги ўйин шундай ўйин эди! Дрогба деб аталмиш ўйин! ЕЧЛ, Финал. БАВАРИЯ – ЧЕЛСИ 1:1 (Пенальтилар серияси – 3:4) Голлар: Мюллер, 83 – Дрогба, 88. "Бавария”: Нойер, Дж. Боатенг, Контенто, Тимощук, Лам, Швайнштайгер, Мюллер (ван Бейтен, 87), Кроос, Рибери (Олич, 97), Роббен, Гомес. "Челси”: Чех, Босингва, Давид Луиз, Кэйхилл, Э.Коул, Оби Микел, Лэмпард, Мата, Бертран (Малуда, 73), Калу (Торрес, 84), Дрогба. Огоҳлантиришлар: Швайнштайгер (2), Э.Коул (81), Давид Луиз (86), Дрогба (93), Торрес (120) Манба: www.uff.uz |